Яшаш учун шошяпман... Улгурармиканман?

_ZeVs_ | 0 комментариев | 763 просмотра
Бир неча кундан бери почта манзилимга тел рақамини бериб, қўнғироқ қилишимни сўраган қизнинг сўнгги илтимосидаги сатрлари мени у билан боғланишга ундади:

Телефонингизни кутяпман, яшаш учун шошаётган пайтим кутишга вақтим оз, армон бўлмасин.

Қўнғироқ қилганимда учрашишни таклиф қилди. Кечки пайт бир кафеда учрашдим. Ёши 22-23 ёшлардаги бу қиз исмини айтишни хохламади, юзида табассум ва хаётдан жуда бир хурсанд кўринган чиройликкина бу қиз келиб ўтириши билан энсам қотиб, тезроқ кетишимни ўйладим. Сабаби, ёзган нарсасига унинг холати тўғри келмасди, учрашиб миямни қотиришга у сатрларни ўйлаб топгандир деб жиддий тусда қараб:

-Ха, умр автобусингиз бекатда бузулиб қолдими дейман, учрашишга вақтни аямабсиз... дедим киноя билан.

Юзидаги табассум жиддий тусга алишиб, четга қараб, хайронман дегандек қошларини тепага кўтариб, яна жилмайиб гапира бошлади:
-Ака, ўлим хақ. Хаммамиз борамиз. Фақат аксарият инсонлар қачонлигини билмайди, кимларгадир олдиндан айтиларкан... Яна келиб келиб инсон тилидан..шифкокорлардан-да.
Сайтингизда сиз билан бўлган экспрессони ўқиб, хаётдан хамма нарса олиб яшашни исташингиз, бир касбда тўхтаб қолмаслигингиздан менга рухиятингиз яқинроқ эканлигини сездим.
Хозир хар куни турли курсларга боряпман, нималардир қиляпман, кечалари уйқуни йўқотиш учун интернетдаман. Шошяпман тушуняпсизми, яшашга, завқланиб яшаб олишга.
Ха, айтганча, мен бедаво дардга чалинганман, яқинда ўламан...

Тасаввур қиляпсизми холатимни?
У эса тўхтамай, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек, мендан жавобни хам кутмай, гапира туриб, ўзи кулар, жиддий тортиб, яна давомлар, яна жилмайиб, даволанишдаги кулгулик холатларни хам гапирарди.
Хаётидаги барча оғриқли дамларни у кулгулик қабул қилиши, бу организмини табиий химоя реакциясими ё эрта-индин ўлишинг мумкин деган ташхисдан рухий холати шу тарзга келганми билмадим... Лекин гаплари теран, фақат...хаддан зиёд қувноқ эди. Айниқса...

Унинг кўзларида шунча қувонч бор эдики...гўёки кетиш олдидан хамма қувонч унга юпатиш учун бериб турилгандек.
Фақат, вақти-вақти билан сизилиб қуйилиб, на юзга тушишни ва на ортга қайтишни билмаган кўз ёшлари хаммасини сездириб қўярди. Жилмайиб турган юзнинг, чақнаб кулиб турган кўзларга бу ёшлар ғалати уйғунлашар экан...
-Умримда севмаганман десам хечам ишонишмайди. Бу хақиқат! Хавас? О бу хавас, кимларга бўлмайди. Сўнгги йиллар тобим қочим шифохонага қатнай бошладим...кети узилмас текширувлар натижаси...даволанишлар.. уйдагилар билишмайди. Билдирмаяпман.
Тўғри йўлдаман деб хисоблайман, менку майли, мана кўриб турганингиздек, тўғри қабул қиляпман, аммо уйдагиларчи? Ўз фарзандини яқин кунлар, ёки соатларда ўлишини кутиб яшаш осон бўлмаса керак. Ким қачон ўлишини билмайдику барибир, худди тасодифан ёки бахтсиз ходисадек қабул қила қолишсин.

Бирдан нимадир эсига тушгандек бўлиб, сумкасини титиб, бир икки хужжатлар билан таништирди, тағин алдаяпти деб ўйламанг, юзингизда ишончсизликни сездим деди. Хужжатлардан дархақиқат касали бедаво ва сўнгги даражада эканлигини билдим. Илтимосига биноан ташхис кўрсата олмайман.

-Мана шу...шунчаки бўлишдим, хар куни ўзимни зўрлаб ухламасликка харакат қиламан, кутилмаганда ухлаб қоламану, бир уйғонсам, тез туриб кетаман. Вақт ўтяпти, ўтиб кетяпти. Хамма ухлаб ётганида нима хам қилиш мумкин? Интернетга кириб нималарнидир ўқиб ўргана бошлайман.
Балки кулгулик кўринар, лекин бир бора бахтли бўлишни истаяпман. Худбин (эгоистка)дурману, лекин, севиб, севилиб, унга касаллигимни айтмоқчимасман, шунчаки, ўлимим келгунча худди мен учун хам кутилмаганда бўлишини истаяпман.
Шу кунгача севгидан бахтим очилмади, касалимни айтганим билан ким хам севарди? Ким хам боғланишни истарди? Тўғри, менга ўрганиб қолганида уни тарк этишим уни балки йиллар давомида дилини оғритиб хам турар, вахоланки....вақтим жуда оз, унчалик ўрганмас. Ахир бир кўришда севиб, икки уч кун ичида қаттиқ севги туйғусини, айни ширин дамларини сезганлар хақида биламанку. Фарзандлик бўла олмайман албатта, хеч бўлмаса севиб севилишга ва ўзимни бахтли сезишга улгуришим керак...
Шошиб яшамоқдаман...қизиқ, улгурармиканман?

Билмадим нима бера оларкин ўқувчиларга, балки бахтимни оз муддатга ёлғон билан бўлса хам топиб кейин хайрлашишга маслахат олмоқчиманми...ёки балки шу оз хаётда хаётим воқеаси хам қаердадир мухрлансин деб шошдим шекил. Хали якшанбагача вақт бор, лозим топиб ёзсангиз, албатта кириб ўқирман...улгурсам.

Шундай деб яна бир жилмайиб, рахмат ва хайр деб яна қувноқ табассум билан туриб, чиқиб кетди.

Ўша пайт эса миямга бир нарса келди. Хеч ким кафолатланмаган аслида...Хозир шу нарсани якшанбагача ёзиб одамларга тақдим этишга аслида мен ўзим улгурармиканман?-деб ўйланиб қолдим.

Улгурдим...

Шукур.
Информация!
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]